Бугун 19 июнь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Сенаторлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган Қонунни маъқуллади

A A A
Сенаторлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган Қонунни маъқуллади

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда кексаларни ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, пенсия тайинлаш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда ва рақамлаштирилмоқда, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб, пенсия таъминоти тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифати тубдан яхшиланмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларга пенсия тайинлашда инсон омилини камайтириш, кексаларга, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш талаб этилмоқда.

Ушбу Қонун билан “Ижара тўғрисида”ги Қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунда пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддатини ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби, шунингдек, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олишга доир талаб ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат принципини амалга оширишга қаратилган бўлиб, пенсионерларнинг моддий фаровонлигини янада юксалтиришга, фуқароларнинг электрон давлат хизматларини мустақил равишда олиш имкониятларини кенгайтиришга, пенсия миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилишда инфляция даражасини ҳисобга олиш тизимини жорий этишга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларига оид ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Киритилди: 12:04 09.02.2024. Ўқилди: 953 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!