Машҳур сайёҳлик қўлланмаси Fodor's Travel сайёҳларни келгуси йилги режаларини қайта кўриб чиқишга ва саккизта машҳур масканга ташриф буюришдан “сақланишга” чақирди. Муаммоли минтақалар қаторига Aнтарктида, Канар ороллари, Мехико шаҳри ҳам киради, яъни қўлланма ўзининг анти-рейтингини эълон қилди ва сайёҳлар учун ҳаддан ташқари босимга дуч келаётган масканлар рўйхатини тузди. Гап сайёҳлар учун хавф ҳақида эмас, (гарчи баъзи жойларда бу, албатта, шундай бўлса-да) балки ушбу масканлар сайёҳлар кўплигидан “азият чекаётгани” ҳақида.
“Ушбу рўйхатнинг мақсади бойкотга чақириш эмас, балки ушбу минтақалар дуч келаётган муаммоларга эътиборни жалб қилиш ва сайёҳларни онгли равишда масканларни танлашга ундашдир. Ҳақиқатан ҳам ўзини тиклашга муҳтож бўлган жойларга танаффус беринг”, — деди Fodor's Travel баёнотида.
Антарктида, Канар ороли, Глейшер миллий боғи (Монтана, США), Изола-Сакра ороли (Италия), Юнгфрау ҳудуди (Швейцария), Мехико, Момбаса (Кения) и Монмартре (Париж) айнан шундай масканлардир.
Дарҳақиқат баёнотда таъкидланишича, Aнтарктида оммавий туризмдан азият чекмоқда, бу унинг заиф экотизимига зарар етказиши мумкин. Шу боис мутахассислар ушбу ноёб минтақага ташриф буюришларни чеклашга чақирмоқдалар.
Канар ороллари сайёҳлар ижараси туфайли уй-жой нархларининг кўтарилиши сабаб маҳаллий аҳолининг норозиликларига дуч келди.
Глейшер миллий боғи иқлим ўзгариши таъсирини бошдан кечирмоқда, бу эса ўрмон ёнғинлари ва ҳайвонлар миграцияси йўлларининг ўзгаришига олиб келмоқда.
Изола Сакра аҳолиси круиз портининг атроф-муҳитга таъсиридан хавотирда.
Юнгфрау минтақаси эса ўсиб бораётган туризмни муҳофаза қилиш билан мувозанатлашда қийналмоқда, чунки унга шуҳрат келтирган музликлар емирилмоқда.
Мехико шаҳрида овертуризм муаммоси Airbnb платформаси билан боғлиқ бўлиб, у маҳаллий аҳолининг кўчирилишига ва жамоаларнинг ижтимоий тузилишининг бузилишига олиб келмоқда.
Момбаса туризмнинг ривожланиши туфайли маҳаллий ресурсларга бўлган талабнинг ошмоқда ва катта босимни бошдан кечирмоқда.
Монмартре сайёҳларнинг кўплиги сабабли асллигини йўқотишга дуч келмоқда...
Демак, ҳамма нарсада олтин ўрталиқнинг бўлгани яхши. Қайсидир давлатлар иқтисодини ўнглаш, ўз юртини дунёга кенг танитиш мақсадида туризмни йўлга қўйиш учун жон куйдираётган пайтда, дунёнинг яна қаерларидадир сайёҳлардан “безор бўлган” мамлакатлар ҳам бор...