Бугун 26 ноябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида "ерфурушлар" қўлга тушди

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида "ерфурушлар" қўлга тушди

1️⃣ Тошкент вилояти ҳокимлигининг инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, 1980 й.т. риэлтор ва 1996 й.т. шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киришади.

Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ балансидаги 8,5 гектар ер майдонини фуқарога 6 млн 800 минг АҚШ долларига сотиш ҳамда ушбу ҳудудга электр, газ таъминоти, оқова сув йўлларини ўтказиш учун техник шарт ва рухсатномалар, шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, жами 7 млн 300 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағи ҳисобидан 160 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

⚖️ Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2️⃣ Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро 2022 йилнинг октябрь ойида маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси қуриш мақсадида Яшнобод туманида жойлашган 80 м² ер майдонини “E-auksion” дастури орқали ютиб, 49 йил муддатга ижарага олади.

Аммо, турли сабабларга кўра, қурилиш ишлари тўхтаб қолиб, ер майдонидан узоқ муддат давомида фойдаланилмаганлиги боис, 2025 йилнинг сентябрь ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги томонидан ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича фуқаролик судига даъво аризаси киритилади.

Лекин, тадбиркор томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилгач, суд унинг фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суд жараёнларида давогар сифатида қатнашган Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсульти эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бермаслик эвазига тадбиркордан 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳокимлик бош юристконсульти тамагирлик йўли билан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

⚖️ Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Киритилди: Бугун 07:16. Ўқилди: 537 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!