Бугун 26 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

САЙЛОВДА ФУҚАРОЛАР ТОМОНИДАН ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ҚАНДАЙ ТАЪМИНЛАНАДИ?

A A A
САЙЛОВДА ФУҚАРОЛАР ТОМОНИДАН ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ  ҚАНДАЙ ТАЪМИНЛАНАДИ?

Сайлов жараёнларига қўйиладиган энг асосий талаблардан бири сайловларнинг очиқлиги ҳисобланади. Сайловларнинг очиқлигини таъминлаш эса, одатда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчиларнинг эркин қатнашишини таъминлаш орқали амалга оширилади.
Кузатувчиларнинг иштирокидан кўзланган мақсад — сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат. Сайловда жамоатчилик назорати сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар ҳамда фуқароларнинг кузатувчи ва вакиллари орқали амалга оширилади.
Сайлов жараёнларида айниқса, фуқаролар томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати жуда муҳим. Нега деганда, мазкур жамоатчилик назорати мутлақо мустақил институт томонидан амалга оширилади. Сайлов жараёнларига энг холис баҳо жамоатчилик томонидан берилади.
Албатта, ҳар бир жараён, шу жумладан, сайловлардаги жамоатчилик назорати ҳам муайян тартиб-қоидага асосан амалга оширилади.
Сайлов кодексининг 33-моддасига кўра, фуқаролар томонидан сайловда жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали амалга оширилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.
Шундай қилиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида округ сайлов комиссияси тузилгач, ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади. Бунда аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исм-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат илова қилинади.
Округ сайлов комиссияси эса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгач, беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
Кузатувчи:
сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;
сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;
муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнини кузатиш;
овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;
сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);
кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;
тегишинча округ, туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳар сайлов комиссияси мустасно) сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин тегишли участка сайлов комиссиясини белгиланган тартибда хабардор қилиш;
агар сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;
сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.
Кузатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

Фарход Примов,
ИИВ Академияси кафедра бошлиғи

Киритилди: 20:58 07.07.2023. Ўқилди: 1381 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!