Саудия Арабистони ва Ямандаги ҳусийлар ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда, мамлакат бош муфтийси Шайх Солиҳ бин Фавзон ал-Фавзон чегара ҳудудларида хизмат қилаётган ҳарбийларга махсус мурожаат билан чиқди. Reuters маълумотига кўра, у аскарларни мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун барча эҳтимолий сценарийларга тайёр туришга чақирган.
Мурожаатда Саудия ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ҳарбийларнинг асосий вазифаларидан бири экани таъкидланган. Бош муфтий ўз баёнотида Қуръон оятлари ва исломий манбаларга таяниб, фронтдаги ҳарбийлар қўмондонларнинг буйруқларига риоя қилиши ва вазифаларни аниқ бажариши лозимлигини билдирган.
Бу баёнот сўнгги ҳафталарда ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ракета ва дронлар орқали ҳужумлари кучайган, Ар-Риёд эса Ямандаги нишонларга зарбалар билан жавоб қайтараётган шароитда янгради. Reuters хабарларига кўра, 25 сентябрь куни ҳам Саудия томони ҳусийлар учирган бир нечта баллистик ракеталар ушлаб қолинганини маълум қилган.
Шайх Солиҳ ал-Фавзон, шунингдек, Яманда Саудия қўллаб-қувватлайдиган халқаро тан олинган ҳукумат назоратини тиклаш зарурлигини таъкидлаган ва ҳусийларга қарши курашни давом эттиришга чақирган.
Минтақадаги вазият кескинлашиши кенгроқ ҳарбий операция эҳтимоли ҳақидаги муҳокамаларни ҳам кучайтирди. Айни пайтда Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ҳарбий раҳбарлари қўшма мудофаа келишуви доирасида вазиятни муҳокама қилиш учун учрашув ўтказишга тайёрланмоқда.