Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) Томонлар конференцияси 16-сессиясининг (CОP16) очилиш маросимида иштирок этмоқда.
Делегация таркибида Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва республиканинг бошқа идоралари вакиллари ҳам бор.
«Бизнинг еримиз. Бизнинг келажагимиз» шиори остида ўтказилаётган тадбирда конвенциясининг 197 та иштирокчиси (196 та давлат ва Европа Иттифоқи) вакиллари иштирок этмоқда.
Конференция давомида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, катта аҳамиятга эга бу ҳужжат тадбирнинг энг муҳим натижаларидан бирига айланади.
Конференция жорий йилнинг 13 декабрига қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси ўтказилган бўлиб, унда 196 мамлакатдан 1000 дан ортиқ делегат иштирок этган.