Ҳужжат 17 сентябр куни Ар-Риёддаги учрашувда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланди, дея хабар бермоқда агентлик.
Келишув Исроилнинг Қатардаги Ҳамас сиёсий етакчиларига ҳужумидан сўнг чақирилган Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма йиғилишидан икки кун ўтиб имзоланди.
"Бу келишув икки давлатнинг хавфсизликни кучайтириш, минтақада ҳамда жаҳонда хавфсизлик ва тинчликка эришиш йўлидаги муштарак интилишларини акс эттиради. У мудофаа соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва ҳар қандай тажовузга қарши қўшма тўсиқни мустаҳкамлашни мақсад қилади. Келишувда айтилишича, икки давлатдан қайси бирига тажовуз қилинса, бу ҳар иккаласига ҳам қилинган тажовуз ҳисобланади", дейилган чоршанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда.
Баёнотга кўра, мудофаа пакти икки давлат ўртасидаги тарихий шериклик ҳамда умумий стратегик манфаатлар ва яқин мудофаа ҳамкорлигига асосланган.
Кучайтирилган мудофаа алоқалари араб кўрфази давлатлари АҚШни узоқ йиллик хавфсизлик кафолатчиси эканига шубҳаланишлари кучайган бир шароитда пайдо бўлди. Ўтган ҳафта Исроилнинг Қатарга ҳужуми бу хавотирларни янада кучайтирди, деб ёзмоқда Reuters.