Саудия Арабистони келгуси тўрт йил ичида АҚШ билан инвестиция ва савдо ҳажмини 600 миллиард долларга ва эҳтимол ундан ҳам кўпроққа кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Бу пайшанба куни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва душанба куни лавозимга киришган АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасидаги биринчи телефон суҳбатида маълум бўлди.
Саудия Арабистони расмий агентлиги хабарига кўра, шаҳзода Трампни инаугурация маросими билан табриклаган, шундан сўнг етакчилар икки томонлама муносабатлар ва минтақавий воқеаларни муҳокама қилган.
«Яқин Шарқда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, терроризмга қарши курашда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати (2017-2021) даврида илк хорижий ташрифини Саудия Арабистонига амалга оширган ва бу икки томонлама илиқ муносабатлардан дарак берган эди. У аввалроқ журналистларга қироллик 500 миллиард долларгача бўлган Америка маҳсулотларини сотиб олишга рози бўлса, қиролликка ташрифини такрорлашини айтди.