Бугун 27 январь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Трaмп Россияни "кичик зарбалар" билан қўрқитишга қарор қилди

Трaмп Россияни "кичик зарбалар" билан қўрқитишга қарор қилди

АҚШ Президенти Дональд Трамп Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида сўзга чиқиб, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаронинг якунланишига нефт нархларининг пасайиши ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги фикрини билдирди.

"Мен, шунингдек, Саудия Арабистони ва ОПЕКни нефт нархларини пасайтиришга ундамоқчиман. Агар нархлар пасайса, Россия ва Украина ўртасидаги уруш дарҳол тугайди", — деди Трамп. У қўшимча қилиб, Саудия Арабистони ва ОПЕК "маълум даражада бу жараён учун масъул" эканлигини таъкидлади. "Миллионлаб одамлар ҳаётдан айрилмоқда", — дея қўшимча қилди АҚШ раҳбари.

Унинг баёнотидан сўнг Лондон биржаси ИCЕ Футуресъда Брент маркали нефтнинг март ойи фючерслари 1,21 фоизга арзонлаб, бир баррел учун 78,05 долларга тушди. Бу ҳолатга Трамп томонидан АҚШда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий қилиш ҳақидаги фармонни имзолагани ҳам таъсир кўрсатди. Бу ҳужжат унинг инаугурациясидан сўнг, душанба куни имзоланган эди.

Украинадаги Халқаро Озодлик институти президенти ва иқтисодиёт бўйича бир қанча халқаро мукофотлар соҳиби Ярослав Романчук бу масала юзасидан "ТRТ" телеканалига изоҳ берар экан, нефт нархлари тушишда давом этиши мумкинлигини, аммо бу урушни тўхтатмаслигини айтди:

— Саудия Арабистони Трампнинг таклифини қабул қиладими ёки йўқми, бу музокаралар масаласидир. Аммо Трампнинг нефт қазиб олиш ҳажмини ошириш ва энергетика бозорини қайта қуришга бўлган интилишларини ҳисобга олсак, нефт нархларининг пасайиши олдиндан белгилаб қўйилгандек.

Бундан ташқари, Хитой иқтисодиёти оғир аҳволда, Хитой эса дунёдаги йирик нефт маҳсулотлари истеъмолчиларидан биридир. Шу сабабли, яқин келажакда энергия ресурслари нархининг пасайиш даврига кириб боряпмиз.

— Нефт нархи қайси даражагача тушиши мумкин?

— Буни ҳеч ким аниқ айта олмайди. Балки бир баррел учун 40 долларгача тушар, балки 30 долларга ҳам. Аммо нархнинг тушиши аниқ тенденсияга эга.

— Бу Украина урушини тўхтата оладими?

— Йўқ. Агар Россия иқтисодиёти таркибига ва бюджетининг даромад манбаларига қарасак, нефтдан келадиган даромад федерал бюджетнинг учдан биридан ҳам камроқ қисмини ташкил этади. Бошқа молиявий манбалар — давлат корхоналари ресурслари, банклар ва сўнгги 20 йил ичида Россия томонидан хорижда ташкил этилган минглаб тижорат тузилмаларидир. Бундай йирик тизимни бундай кичик бир чора билан тўхтатиб бўлмайди.

Бундан ташқари, нефт нархлари пасайиши бу соҳадан даромад йўқолишини англатмайди. У ички бозорда барибир даромад келтиради. Нефт ва газ йўқолмайди, чунки ушбу ёқилғи турларига талаб давом этади.

Украинадаги урушни тўхтатиш учун қандай чораларга мурожаат қилиш керак?

Россияни музокара столига ўтиришга мажбур қиладиган чоралар кўриш керак, масалан, Россияни терроризм ҳомийси деб тан олиш. Фақат нефт нархларини пасайтириш эмас, балки савдо эмбаргосини жорий этиш — бу энг самарали йўл бўлар эди.

Иккинчи усул — АҚШда мавжуд бўлган барча ядро қуролига кирмайдиган қуролларни Украинага етказиб бериш. Бу ҳам жуда кучли омил бўларди.

Бошқа чоралар тезкор натижалар бермайди. Уруш яна икки, уч, ҳаттоки беш йил давом этиши мумкин.

— Савдо эмбаргоси қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

— Бу жиддий муаммо бўлади. Россия ичида жиддий келишмовчиликлар юзага келади. Мамлакатда молиявий имкониятларини йўқотган одамлар, шу жумладан элита вакиллари кўпаяди. Пул етишмаслиги сабабли ҳукумат пул босиш усулига ўтишга мажбур бўлади. Бу эса инфлацияни янада оширади.

Бугунги кунда Россия иқтисодиёти йилига 3,6 фоизга ўсмоқда. Аммо савдо эмбаргоси шароитида бундай кўрсаткичларга эришиш мумкин бўлмайди. Мамлакат ичида аҳолининг норозилиги ортиб бораверади.

Уруш ҳар йили Россияга 200-250 миллиард долларга тушмоқда. Бундай миқёсдаги иқтисодий инқироз шароитида одамларни, айниқса уруш сабабини тушунмаётганларни жангга жалб қилиш ўта қийин бўлади.

Киритилди: 12:10 25.01.2025. Ўқилди: 2105 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!