Reuters хабарига кўра, Саудия мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон, Покистон армияси қўмондони фелдмаршал Осим Мунир ва Туркия разведка хизмати раҳбари Иброҳим Калин Теҳронга келган. Улар Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ва Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий билан музокара ўтказди.
Ар-Риёд ташриф "ҳарбий эскалациянинг қайтишига йўл қўймаслик" учун музокара каналларини очишга қаратилганини маълум қилди. Покистонлик расмийнинг айтишича, Мунир Трампдан дипломатик йўлни синаб кўриш учун рухсат олган ва Эронга ечим таклиф қилган. Бу таклиф ҳам АҚШ, ҳам Эрон манфаатларини ҳисобга олади. Режа қабул қилинса, Макка пакти давлатлари ва Қатар кафил бўлиши мумкин. Эрон эса ядровий дастур масаласи муҳокама қилинмаганини таъкидлади.
Муҳсин Ризоий бу ташриф "Америка таҳдидлари дунё давлатларига кам таъсир қилиши"ни кўрсатганини айтди. Унинг сўзларига кўра, минтақада "янги ва ижобий муҳит" пайдо бўлмоқда.
Ушбу учрашув Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескинлик кучайган пайтга тўғри келди. Трамп ўтган ҳафтада АҚШ Эронга яна зарба бериши мумкинлигини айтганди. Эрон хавфсизлик расмийлари эса бундай ҳолатда Форс кўрфазидаги сувости кабелларига ҳужум қилиш режасини тузганини маълум қилди. Шу куни ҳусийлар Саудия Арабистонидаги нефт қувури ва Ар-Риёд аэропортига ҳужум қилганини даъво қилди, Миср парламенти эса Саудия Арабистонига ҳарбий ёрдам беришни маъқуллади.