Maserati автоишлаб чиқарувчиси 1962 йилда ишлаб чиқарилган 5 000 GT гран-туризмо классидаги автомобили учун "Classiche" ҳақиқийлик сертификатини берди. Ушбу машина 30 йилдан ортиқ вақт давомида Мисрда ҳибсда сақланган. Унинг кузови машҳур итальян дизайнери Пьетро Фруа томонидан яратилган.
"Motor1" нашрига таяниб "Oxu.Az"нинг хабар беришича, 5 000 GT модели Ирон шоҳи туфайли пайдо бўлган. У Maserati 3 500 GT машинасида юрган ва бундан ҳам ҳашаматлироқ автомобилга эга бўлишни хоҳлаган.
Техник директор Джулио Альфьери Maserati 450S пойга машинасининг 350 от кучидан юқори қувватга эга 5 литрли V8 двигатели билан жиҳозланган AM103 лойиҳасини ишлаб чиқди. Дастлабки учта автомобилни "Carrozzeria Touring" ательеси қурган. Кейинчалик ушбу платформа учун Allemano, Pininfarina, Monterosa, Ghia ва Frua компаниялари ўз кузовларини яратишган. 1959 йилдан 1960 йилларнинг ўрталарига қадар ушбу моделдан атиги 34 дона ишлаб чиқарилган.
Пьетро Фруа 1962 йилда учта 5 000 GT нусхасини тайёрлаган бўлиб, 103 064 рақамли шасси уларнинг биринчиси эди. Автомобиль кузови "Luci di Mezzanotte" рангига бўялган ва салони "Camoscio" услубида безатилган эди. Пастроқ бел чизиғи ва кенгайтирилган ойна майдони унинг силуэтига Touring ва Allemano талқинларига қараганда шиддатлироқ кўриниш берган.
Завод синовларидан сўнг автомобиль 1963 йилдаги Женева автосалонида намойиш этилди. У ерда машина рулига Карим Ага-хон IV ўтирди ва у кейинчалик Фруадан ўзи учун шахсий 5 000 GT моделига буюртма берди.
1963 йилнинг охирида прототип Моденага қайтиб келди ва Римлик эгасига ўтди. 1966 йил январида у ушбу машинани янгироқ Maserati'га алмаштирди, завод эса навбатдаги харидор — Саудия шаҳзодаси Мажид бин Сауднинг илтимосига кўра автомобилни "Rosso Rubino Chiaro" рангига қайта бўяди. Шаҳзода машинани отаси — Саудия Арабистони подшоҳи Сауд бин Абдул-Азиз Ол Саудга совға қилди.
1967 йилда, Олти кунлик урушдан кейин ва подшоҳ Мисрни тарк этгач, маҳаллий расмийлар автомобилни мусодара қилишди. У Каирдаги омборда уч ўн йилликдан кўпроқ вақт давомида туриб қолди. Автомобиль яна 2000 йилда, қарийб 12 700 км масофа босиб ўтган ва асосий қисмлари яхши сақланган ҳолда пайдо бўлди. Уни техаслик коллекционер сотиб олиб, Моденага юборди. Тўрт йиллик реставрациядан сўнг, машина 2004 йилда "Concorso dEleganza Villa dEste" нафислик танловида оммага тақдим этилди.
103 064 шассиси Фруа кузовига эга бўлган ва ҳақиқийлик сертификатини олган биринчи Maserati 5 000 GT нусхаси бўлди. "Maserati Classiche" дастури тарихий моделларнинг ҳақиқийлигини завод архивлари ва техник кўриклар асосида текширади.