Бугун 15 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Эронда намойишлар ҳақида видео тарқатган 23 ёшли қиз қатл этилди

Эронда намойишлар ҳақида видео тарқатган 23 ёшли қиз қатл этилди

Эронда 23 ёшли Нашмеҳ Амини намойишлар ҳақида видеолар тарқатгани учун ўлим жазосига ҳукм қилиниб, қатл этилди. Маълум қилинишича, 16 сентябрь куни Эрон суди унга нисбатан ўлим жазоси тайинлаган ва кўп ўтмай ҳукм ижро этилган.

Қатл этилишидан олдин қиз ватандошларидан унга ёрдам беришни сўраган. Унинг қамоқхонадан яширинча ташқарига чиқарилган овозли мурожаатида қуйидаги сўзлар янграган:

«Эрон халқига салом. Бугун мен ўзимни қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Фақат бир нарсани сўрайман: менинг овозимга айланинг. Мен фақат адолат ва ўзимни ҳимоя қилиш имкониятини истайман. Адвокатлар, ҳуқуқшунос олимлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бегуноҳ инсонларнинг овозини эшитаётган барча кишилардан суд ишим материалларини ўрганишларини сўрайман. Исмимни ёдда сақланг. Балки мен бошқа ҳеч қачон гапира олмасман. Аммо тирик эканман, дор сиртмоғи ҳаётимга нуқта қўйишидан олдин Эронимнинг гуллаб-яшнаган ва озод бўлганини кўришга умид қиламан».

Нашмеҳ Машҳад шаҳрида бухгалтерия ҳисоби йўналишида таҳсил олган. Январь ойида у юз минглаб одамлар қаторида уламолар ҳокимиятига қарши намойишларда қатнашган.

31 январь куни у бозор ҳудудида ҳибсга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, қиз қўлга олинганидан кейин шафқатсизларча калтакланган. Instagram ижтимоий тармоғида намойишлар акс этган қисқа видеоларни эълон қилгани унинг қатл этилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Қиз Вакилабад қамоқхонасида қарийб уч ой давомида якка камерада сақланган. Айтишларича, унга иқрорлик кўрсатмаларини бериш учун босим ўтказилган. Охир-оқибат у «Пайғамбарни ҳақорат қилиш» айби билан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Нашмеҳнинг тақдири ягона ҳолат эмас. Iran Human Rights ташкилоти маълумотларига кўра, январь ойидан августгача Эронда камида 532 киши қатл этилган. Уларнинг орасида намойишларнинг 31 нафар иштирокчиси ҳам бўлган.

Бошқа бир инсон ҳуқуқлари маркази эса атиги етти ой ичида 900 дан ортиқ қатл ҳолатини қайд этган. Фаолларнинг таъкидлашича, юзлаб намойишчилар ҳозирда ўлим ҳукмларининг ижро этилишини кутмоқда.

«Барча қатлларнинг аниқ бир мақсади бор: қўрқувни тарқатиш ва янги намойишларнинг олдини олиш», — деди Iran Human Rights ташкилоти директори Маҳмуд Амири-Муғаддам.

Киритилди: 20:24 14.10.2026. Ўқилди: 608 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!