Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 12-октабрь куни «Саноат ва унинг базавий тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-169-сонли фармонни имзолади.
☑️Унга кўра, давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юкланади. Шунингдек, «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилади.
Вилоят, шаҳар ҳамда туманларнинг иқтисодиёт ва молия бошқармалари, қолаверса, бўлимларида саноатни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг ресурслар билан таъминланганлигини таҳлил қилиш йиғма бўлимлари ташкил этилади.
📝 Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Париж битимининг (Париж, 2015 йил 12 декабрь) 6-моддасига мувофиқ Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш механизми юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (миллий орган) ҳисобланади.
Фармонга мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида ташкил этилган «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси «иссиқхона газлари савдоси» соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва халқаро ҳамкорлик бўйича ишчи орган деб ҳисобланиши белгиланди.
✅ Бундан ташқари, республика ҳудудида амалга оширилган лойиҳалар асосида углерод бирликларини халқаро сертификациядан ўтказиш ва «халқаро иссиқхона газлари савдоси» ихтиёрий бозорларига савдога чиқариш учун йўналтириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади.