7 январда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида самолёт борт кузатувчисига шилқимлик қилган эркакка суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.
Ҳолат 2024 йил 31 декабрь куни Сочи — Тошкент йўналиши билан учиб келаётган самолёт бортида содир бўлган. Унда 1985 йилда туғилган йўловчи Ж.Э. маст ҳолда бўла туриб, ушбу рейсда хизмат кўрсатаётган Uzbekistan Airways борт кузатувчи қизи танасининг ёнбошини бир неча марта ушлаб, унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган.
Суд мажлисида Ж.Э. Тошкент шаҳрига учиб келаётганда маст ҳолда бўлгани сабабли қўлидан тушиб кетган нарсасини полдан олаётганида қўли бехосдан ўтиб кетаётган борт кузатувчисининг ёнбош соҳасига тегиб кетганини айтди. У борт кузатувчисига шилқимлик қилмаганини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини ва унга енгиллик беришни сўради.
Суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчи ўз кўрсатувида Ж.Э. маст ҳолда бир неча маротаба уни ёнбошига қўли билан тегиниб, шилқимлик қилганини таъкидлади. У йўловчи Ж.Э.га бундай ҳаракатларни тўхтатишни сўраб танбеҳ берганини, Ж.Э. ҳаракатларини тўхтатмаганини, унинг бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиб, унга қўпол муомалада бўлишда давом этганини айтиб, суддан Ж.Э.га қонуний чора кўришни сўради.
Суд Ж.Э.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми (Шаҳвоний шилқимлик) билан айбли деб топди ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.