30 март куни Регистон ансамблида бўлиб ўтган “Ички туризм ярмаркаси”да туроператорлар, жойлаштириш муассасалари ва соғломлаштириш маскани вакиллари, шунингдек, туризмга ихтисослаштирилган олий ўқув юрти ҳамда техникум талабалари ва, албатта, Самарқанд шаҳри меҳмонлари йиғилди.
Самарқанд “Ички туризм ярмаркаси” иштирокчилари бўлган Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларидан 80 дан ортиқ тадбиркорлик субектлари истиқболли қўшма лойиҳа ва янги туристик маҳсулотлар бўйича ғояларни муҳокама қилиш, бизнес ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, ярмарка доирасида туризм соҳасини ёш кадрлар билан таъминлаш мақсадида “ Cареер-2024” ўтказилди ва “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Самарқанд туризм ва маданий мерос коллежи талабалари потенциал иш берувчилардан бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотга эга бўлишди.
Маданий-кўнгилочар дастур ҳамда Самарқанд туризм ва маданий мерос коллежи томонидан ташкил этилган дизайнер Ҳамида Иноятованинг миллий либослар коллекцияси намойиши тадбир меҳмонларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ярмарка якунида “Ички туризм ярмаркаси” фаол иштирокчилари Самарқанд вилояти туризм бошқармасининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Бундан ташқари, “Ички туризм ярмаркаси” иштирокчилари учун Самарқанд вилояти бўйлаб инфотур ташкил этилди.