Европа Кенгаши Вазирлар қўмитаси Кишинёвдаги йиғилишда Украинага қарши агрессия жинояти бўйича Махсус трибуналнинг бошқарув қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги келишувни маъқуллади. Мазкур келишувга 36 та давлат ва алоҳида институт сифатида Европа Иттифоқи қўшилди.
"Ушбу давлатлар Махсус трибунални амалда ташкил этиш ва Украинага қарши агрессия учун жавобгарликни тан олиш сари ҳал қилувчи қадам ташладилар. Россияни жавобгарликка тортиш вақти яқинлашмоқда", — дея баёнот берди Европа Кенгаши бош котиби Ален Берсе.
Украинага қарши агрессия жинояти бўйича Махсус трибунал норасмий равишда “Путин учун трибунал” номини олган. Европа Кенгаши Вазирлар қўмитаси ушбу трибунални ташкил этиш жараёни бошланганини 2025 йил май ойида эълон қилган эди.
Бироқ Россия президенти, шунингдек, бош вазири ва ташқи ишлар вазирини, улар ўз лавозимларида қолар экан, трибунал суд қила олмайди. Трибунал низоми улар лавозимдалигида айблов эълон қилишни тақиқлайди.