Хабарларга кўра, Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг 15 май куни Ғазо шаҳрига берган авиазарбалари оқибатида ҲАМАСнинг “Ал-Қассам” ҳарбий қаноти етакчиси Изз ад-Дин ал-Ҳаддад йўқ қилинди. У билан бирга яна етти киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ одам жароҳатланди.
Кейинчалик Исроил армияси (ЦАХАЛ) Изз ад-Дин ал-Ҳаддад ҳужумда ўлдирилганини тасдиқлади.
Reuters агентлигининг хабар беришича, шанба куни Ғазо шимолидаги масжидларда ҳам ал-Ҳаддаднинг ўлими ҳақида эълон қилинган, аммо ҳозирча ҲАМАС томонидан бунга расмий изоҳ берилмаган.
Исроил ал-Ҳаддадни 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигидаги ҳужумда ҳамда одамларни гаровга олишда масъул деб билади. Исроил шунингдек, ал-Ҳаддадни АҚШ президенти Доналд Трамп бошчилигидаги ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазо секторини демилитаризация қилиш бўйича келишувни амалга оширишдан бош тортишда айблаган.
Изз ад-Дин ал-Ҳаддад ҲАМАСдаги энг муҳим шахслардан бири ҳисобланади, у “Ал-Қассам арвоҳи” номи билан танилган. Ал-Ҳаддад ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлган “Ал-Қассам” бригадаси раҳбари. Исроил ҲАМАСнинг бошқа раҳбарларини, жумладан, Яҳё Синварни , унинг укаси Муҳаммад Синварни ва Муҳаммад Дейфни ўлдирганидан сўнг, Ал-Ҳаддад гуруҳнинг энг юқори қарор қабул қилувчиларидан бирига айланган.