Самарқанд вилояти Жомбой туманида машина бошқарган мактаб ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб ҳалок бўлди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2025 йил 12 феврал куни соат 12:30 ларда содир бўлган.
Жомбой туманидаги 54-мактабнинг 11-синф ўқувчиси, 2007 йилда туғилган йигит туманнинг Шербулоқ маҳалласидан ўтган йўлда «Ласетти» машинасини ҳайдаб, бошқарувни йўқотган.
Шунда машина йўл четига чиқиб кетган ва дарахтга урилган. Оқибатда йигит оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамасдан у шифохонада вафот этган.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи иштирокида ЙТҲ содир бўлган мактабда муҳокама йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда ота-оналарга болаларга рул бошқарувини топширмаслик ва уларни қаровсиз қолдирмаслик уқтирилган.