Айни кунларда “Вояга етмаган болага шафқатсиз муносабатда бўлган отани”нинг кузатув камерларига муҳрланиб қолган видеоси Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Ургут туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.
Жорий йилнинг 1 июль куни соат тахминан 14:30 лар атрофида Ургут туман Мерганча маҳалласида жойлашган Ургут Савдо комплексига савдо қилиш учун келган эр ва хотин вояга етмаган фарзандлари билан бозор бўйлаб юрган вақтларида бозор ичида ота, вояга етмаган тахминан 5 ёшли ўғил фарзандини оёғи билан тепиб ерга йиқитганлиги ҳолати, савдо комплексида ўрнатилган кузатув камераларига муҳрланиб қолган.
Ҳолат юзасидан вояга етмаган болага шафқатсиз муносабатда бўлган отани топиш ва шахсига аниқлик киритиш мақсадида, Ургут туман ИИБ томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу фуқаро Қашқадарё вилояти Ғўзор тумани Қовчин маҳалласида яшовчи А.Ф. эканлиги аниқланган. Мазкур ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилгандан сўнг, натижаси кенг жамоатчиликка маълум қилинади.