Бугун 25 февраль, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Самарқандда CМС CОP14 нинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Самарқандда CМС CОP14 нинг очилиш маросими бўлиб ўтди

12 февраль куни «Silk Road Samarkand» конгресс залида Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция (CМС CОP14) иштирокчилари конференцияси 14-йиғилишининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов очиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига Мурожаатномасини ўқиб берди.

"Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлашга катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилиб, янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг самарали ижроси таъминланди.

Ўзбекистон 2024–2027 йилларда Конвенцияга раислик қилиши давомида кўчиб юрувчи ҳайвонлар турларини ҳимоя қилиш учун барча куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга тайёр. Самарқандда 2024–2032 йилларга мўлжалланган янги стратегик режанинг қабул қилинишини олқишлаймиз, бу борадаги келгуси ишларнинг асосий йўналишлари белгилаб олинади”, — дейилади Мурожаатномада.

Конференция бутун жаҳон ҳамжамиятига тааллуқли бўлган энг долзарб муаммолардан бири – ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш масаласини ҳал қилиш учун 130 мамлакатдан 1800 дан ортиқ иштирокчини жамлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен, Кўчиб юрувчи турлар бўйича конвенция ижрочи котиби Эми Френкел, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Бутунжаҳон мониторинг маркази (UNEP-WCMC) раҳбари Келли Малш, вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатлар, соҳа экспертлари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда конвенцияни амалга оширишдаги тараққиёт, шунингдек, кўчиб юрувчи турлар ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш бўйича кўплаб эҳтиёж ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳаракатлар кўриб чиқилди.

Бир ҳафталик музокаралар давомида CМС CОP14да юздан ортиқ масалаларни қамраб олувчи кенг кун тартибини кўриб чиқиши кутилмоқда, жумладан:

— Халқаро ҳимояга муҳтож бўлган ўн тўртта қўшимча турни ўз ичига олган CМС Иловаларига тузатишлар киритиш;

— еттита турни сақлашнинг устувор чора-тадбирлари сифатида янги келишилган ҳаракатлар бўйича таклифлар;

— браконерликка қарши кураш чора-тадбирлари;

— атроф-муҳит коммуникацияларини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар;

— 2024–2032 йилларга мўлжалланган миграция турлари бўйича янги стратегик режа.

Шунингдек, бугунги очилишда кўчиб юрувчи ёввойи табиат турларининг ҳолати тўғрисидаги биринчи глобал ҳисобот тақдимоти бўлди.

Маълумот учун: CМС CОP14 БМТнинг Кунминг-Монреал Глобал Биохилма-хиллик Дастури (GBF) қабул қилинганидан кейин миграция турларини сақлаш бўйича энг муҳим глобал саъй-ҳаракатларидан биридир.

Киритилди: 20:04 12.02.2024. Ўқилди: 1005 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!