Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Макроннинг БМТ Бош Ассамблеясидаги баёнотларини кескин қоралаб, Парижнинг айбловларини «очиқдан-очиқ бемаънилик» деб атади. Молия вазири Бецалель Смотрич эса Макронни ёлғон гапиришда айблаб, исроиллик аҳоли пунктларини кенгайтириш режаларини давом эттиришини билдирди.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Данни Данон ҳам Францияни Исроилни танқид қилишдан олдин «фактларни текширишга» чақирди.
Бироқ Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Нетаньяхунинг позициясини танқид қилди. Унинг айтишича, бош вазирнинг вазифаси ижтимоий тармоқларда жавоб қайтариш эмас, балки мамлакатдаги воқеликни ўзгартиришдан иборат. Лапид Нетаньяху сиёсати Исроилни жиддий дипломатик инқирозга олиб келганини таъкидлади.
Можаро Макроннинг БМТ минбаридан қилган нутқидан кейин кучайди. Франция президенти Ғазодаги оғир гуманитар вазиятни танқид қилиб, гуманитар ёрдам йўлакларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар муваффақиятсиз бўлганини билдирди. У Ғарбий соҳилдаги исроиллик кўчманчилар зўравонлиги кучайиши ҳамда бу ҳолатнинг фаластинликларга таъсири ҳақида ҳам гапирди.
Шу билан бирга, Исроил бош вазирига нисбатан ички сиёсий босим ҳам сақланиб қолмоқда. Нетаньяхуга қарши суд жараёнлари давом этмоқда, Халқаро жиноий суд эса унга Ғазодаги ҳарбий жиноятлар бўйича айбловлар доирасида ҳибсга олиш ордерини берган.