Самарқанд вилоятида Қозоғистон давлат рақамига эга автомобиллар йўлда дрифт қилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди. ЙҲХБ қоидабузарларга чора кўрилганини маълум қилди.
Видеолавҳадан маълум бўлишича, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган меҳмонлар шоу тариқасида парад уюштирган ва унда дрифт қилган. Тадбир ҳақида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Қоидабузарларнинг аксарияти чет эллик бўлгани таъкидланмоқда. Видеолавҳада улар узр сўрагани акс этган.
«Биз қаерда бўлсак ҳам Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қиламиз. Иккинчи марта қайтарилмайди. Бизга тушунтиришди. Аслида махсус майдонда дрифт қилишимиз керак эди, лекин шаҳар кўчаларида дрифт қилдик. Самарқанд халқидан кечирим сўраймиз», деди қозоғистонлик ҳайдовчилардан бири.
ЙҲХБ қоидабузарларга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақида маълумот бермади.