Туркиянинг «Трабзонспор» клуби ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ шахматга бўлган қизиқиши ҳақида сўзлаб берди.
61saat сайти маълумотларига кўра, мисрлик футболчи бўш вақтининг катта қисмини шахмат ўйнашга бағишлайди. У Туркиядаги онлайн платформалардан бирида мунтазам равишда шахмат ўйнаб келмоқда.
Қайд этилишича, Салоҳнинг шахматдаги рейтинги 1400 очкони ташкил этади.
«Шахматга бўлган иштиёқим ақлдан озиш даражасига етди. Мен деярли ҳар куни шахмат ўйнайман ва бу ўйинни жуда яхши кўраман», — деди футболчи.
Салоҳ ўтган ёзда эркин агент сифатида «Трабзонспор» сафига қўшилган эди. Шундан буён у Туркия клуби таркибида 10 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.
Ушбу натижалар мисрлик ҳужумчини жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бирига айлантирган.
«Трабзонспор» навбатдаги учрашувини 19 октябрь куни «Бешиктош»га қарши ўтказади.
Айни пайтда «Трабзонспор» Туркия чемпионати мусобақа жадвалида 13 очко билан бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа тўртинчи поғонадаги «Бешиктош»дан икки очко ортда қолмоқда.
Чемпионатда эса 19 очко жамғарган «Галатасарой» пешқадамлик қилмоқда.