Украина ҳозирча Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилаётган АҚШнинг Starshield ҳарбий сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланиш имконига эга эмас. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Киев Россия ҳудудининг чуқур қисмига зарба бериш мақсадида ушбу тизимдан фойдаланишни сўраган, бироқ бу масала бўйича музокаралар ҳали давом этмоқда.
«Starlink — тижорий маҳсулот. Шунинг учун у тегишли тартибда тартибга солинади ва кўриб чиқилади. Starshield эса мудофаа ва ҳарбий мақсадларга мўлжалланган маҳсулот», — деди Рубио.
Давлат котиби таъкидлашича, Starshield тизимидан АҚШ ҳарбийлари фойдаланади, аммо Украина учун у ҳозирча очиқ эмас. Шу билан бирга, Украина армияси Starlink алоқа тизимидан фойдаланишда давом этмоқда. Бироқ алоқа тезлигининг чекланиши дронларни бошқаришда муаммоларни келтириб чиқарган.
Рубио Оқ уй Украина ҳарбийлари учун Starlink алоқа тезлигини атайлаб пасайтиргани ҳақидаги айбловларни ҳам рад этди.
«Ҳеч ким Starlink тезлигини пасайтириш бўйича буйруқ бермаган. Бу қандайдир тарзда содир бўлган, аммо менинг маълумотимга кўра, алоқа тезлиги аллақачон тикланган», — деди АҚШ Давлат котиби.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Украина дронлари соатига 161 километрдан юқори тезликда ҳаракатланганида алоқа автоматик равишда узилишини билдирган эди. Рубио эса Вашингтон ушбу чекловларга алоқадор эмаслигини таъкидламоқда.