Кеча Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси чуқур ташвиш уйғотаётгани, пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётгани, бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этаётгани қайд этилди.
Йиғилишда ўрнатилган меъёрлар бузилган ҳолларда ҳавони ифлослантираётган ишлаб чиқаришларга қарши қатъий чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Одамлар саломатлиги ҳақида гап кетганда, муросага ўрин йўқлиги ва бу тамойил давлат учун ҳам, бизнес учун ҳам бирдек амал қилиши кераклиги қайд этилди.
Президент Администрацияси раҳбари томонидан экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи обектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ушбу чора-тадбирлар яқин орада давлатимиз раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган Президент Фармони лойиҳаси учун асос бўлиб хизмат қилади.