Дания ташқи ва ҳарбий разведка хизмати (FE) раҳбари Томас Аренкиль Россиянинг НАТОга аъзо, Россия билан чегарадош давлатлардан бирига чекланган ҳарбий ҳужум уюштириш эҳтимоли «кичик, аммо ошиб бораётгани»ни билдирди.
Унинг айтишича, Москва Украинага кўрсатилаётган ёрдам фонида Европа давлатларини ҳарбий ресурсларини қайта тақсимлашга мажбурлаш мақсадида бундай «умидсиз қадам»га бориши мумкин.
Аренкиль Россия бундай ҳаракатга тайёргарлик кўриши учун бир неча ой керак бўлишини ва бу жараённи яшириш қийин бўлишини таъкидлади.
Шу билан бирга, разведка раҳбари Россия НАТО давлатига тўғридан-тўғри ҳарбий босқин уюштиришдан манфаатдор бўлиши «жуда эҳтимолдан йироқ» эканини айтди. Бироқ у бундай эҳтимолни бутунлай истисно қилиб бўлмаслигини қўшимча қилди.
Аввалроқ Испаниянинг El Mundo нашри АҚШ разведкаси бир нечта Европа ҳукуматларини Россия Испания, Франция ёки Италияга дронлар орқали ҳужум тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирганини хабар қилган эди.
Нашр маълумотларига кўра, «Гербера» туридаги дронлар контейнерларга яширилиб, савдо кемаси орқали олиб кирилиши мумкин. El Mundo таъкидлашича, ушбу уч давлатда 2027 йилда сайловлар бўлиб ўтади ва радикал кучлар Украинадаги урушдан чарчоқ ва хавотирдан сиёсий мақсадларда фойдаланиши мумкин.