Россияда сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган эмигрантларнинг банк ҳисобрақамлари ва мол-мулки музлатиб қўйилади, ишончномадан фойдаланиш тақиқланади, улар машина ёки хонадонни сота олмайди.
Хорижда уларга консуллик хизматларини кўрсатиш рад этилади. DW сўров ўтказган ҳуқуқшунослар янги қоидаларни шундай баҳолади:
"Аслини олганда, бу қонун лойиҳаси, келинг, очиғини айтайлик, фуқароликдан маҳрум қилиш ҳақидадир. Шахсда паспорти қолади, у мамлакат фуқароси бўлиб ҳисобланади, аммо ушбу қонун лойиҳасига кўра Россия фуқаросининг ҳеч бир ҳуқуқидан фойдалана олмайди", — деди DW’га "Первый отдел" ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси адвокати Евгений Смирнов.
Унинг сўзларига кўра, янги қонун "ҳокимиятни танқид қилаётган, хорижга чиқиб кетган ва эътибор марказида бўлишни, ошкораликни давом эттираётган, Россия ҳокимияти таҳдидларидан қўрқмайдиганларга" зарба беради.
"У ерга биринчи бўлиб журналистлар, фаоллар, сиёсатчилар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар, шусиз ҳам сиёсий моддалар бўйича таъқиб қилинаётганлар тушади", — деб таъкидлади адвокат.
"Фуқаролик амалда сақланиб қолади, аммо шахс ҳеч қандай консуллик ёрдамини, яшаётган мамлакатидан ҳеч қандай ҳужжатларни ололмайди. Яъни Россияда олинган ҳужжатларга апостил қўйиш, судланмаганлик ҳақида маълумотнома буюртма қилиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш на Россияда ишончнома бўйича, на хорижда мумкин бўлади", — деди DW’га "Ковчег" лойиҳаси асосчиси, ҳуқуқшунос Анастасия Буракова.
У янги қонунни "жуда кўп сонли одамларни ҳуқуқларидан маҳрум этадиган жуда ваҳимали ҳужжат" ва уларни қўрқитиш ҳамда сукут сақлашга мажбур қилиш учун "доимий қўрқув вазиятига" соладиган ҳужжат деб атади