Бугун 29 июль, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Трамп Эрон билан можарони кескинлаштиришдан қайтди(ми)?

Трамп Эрон билан можарони кескинлаштиришдан қайтди(ми)?

Трампни Эрон билан можарони кескинлаштиришдан қайтаришди.

CNN маълумотига кўра, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва мамлакатнинг юқори ҳарбий раҳбарияти президентни Яқин Шарқдаги можарони кенгайтирмасликка чақирган.

АҚШ маъмурияти ва ҳарбий қўмондонлигининг юқори лавозимли вакиллари президент Дональд Трампни Эрон билан урушни кенг кўламли тус олдирмасликка чақирди. Бу ҳақда CNN Оқ уйда ўтган ёпиқ йиғилишдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.

Телеканал маълумотига кўра, АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн Трампни ўқ-дорилар захираси қисқараётгани ҳамда кенг кўламли жанговар ҳаракатлар қайта бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Вице-президент Жей Ди Вэнс ҳам ҳарбийлар позициясини қўллаб-қувватлаб, можарони янада кучайтиришга қарши чиққан.

Axios нашрининг ёзишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони генерал Брэд Купер ҳам Эронга қарши зарбаларни вақтинча тўхтатишни тавсия қилган. Унинг баҳолашича, режалаштирилган нишонларнинг асосий қисми аллақачон йўқ қилинган ва операцияни давом эттириш тўлиқ масштабли урушга ўтмасдан туриб стратегик натижа бермайди.

Ҳарбийлар, шунингдек, янги зарбалар тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортишига, оммавий қочқинлар оқими юзага келишига ва Эроннинг Форс кўрфази давлатлари энергетика инфратузилмасига жавоб ҳужумларини уюштиришига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Трамп эса АҚШ қурол-яроғ захиралари камайиб бораётгани ҳақидаги хавотирларни рад этди. У аввалроқ The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида АҚШда «дунёдаги ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ ўқ-дори захираси» мавжудлигини таъкидлаган.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Майк Уолтцнинг сўзларига кўра, Вашингтон ҳозирча Теҳрон билан дипломатик музокаралар ўтказиш имкониятини сақлаб қолмоқда.

Киритилди: 21:12 28.07.2026. Ўқилди: 418 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!