Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги журналист ва блогерлар томонидан миграцияси билан боғлиқ масалаларнинг доимий ёритилаётгани, хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳақида турли материаллар эълон қилиш орқали ушбу соҳага ва соҳадаги мавжуд муаммоларга масъул идоралар ва кенг жамоатчилик эътиборини қаратаётганини юксак баҳолайди.
Хусусан, Россия Федерациясига ишга кетаётган фуқаролар, меҳнат шартномаси талабларига риоя қилинмаётгани, улардан айримлари қийин вазиятларга тушиб қолаётгани ҳақида охирги вақтларда турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар саҳифаларида қатор материаллар эълон қилинмоқда.
Дарҳақиқат, кўплаб давлатларда бўлгани каби юртимизда ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд. Ҳар йили республика меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётган шароитда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган амалий тадбирлар кўрилаётганига қарамай, ташқи меҳнат миграциясининг катта оқими ҳалигача сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, жараёнларини тартибга солиш, меҳнат мигрантларига қулайликлар яратиш юзасидан халқаро шартномалар тузиш, уларнинг республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қатор натижаларга эришилмоқда.
Биринчидан, 2018 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги низоми тасдиқланган. Ушбу ҳужжатлар орқали фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш ваколати хусусий секторга ҳам берилиб, соҳадаги мавжуд монополияга барҳам берилган. Бунинг натижасида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар танлаш имконияти яратилди.
Иккинчидан, 2018 йилда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Шунингдек, фуқароларимиз ҳуқуқини хорижда ҳимоя қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналари ташкил этилган.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги фармони, 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 30 июлдаги «Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига асосан меҳнат мигрантлари учун имтиёзли микроқарз олиш, суғурталаш, имтиёзли хонадон олиш, чет тили ва касбий малака имтиҳонини топшириш, йўл ҳамда виза билан боғлиқ харажатларнинг қоплаб берилишини кўзда тутувчи механизмлар жорий этилган.
Агар рақамларга эътибор қаратилса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг чет элдаги ваколатхоналари томонидан 2020 йилда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 1388 нафарига ҳуқуқий ёрдам, 77841 нафарига ахборот-маслаҳат хизматилари, 2420 нафарига ижтимоий ёрдам, 4511 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган, 474 нафар меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 750 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилган. Хорижда турли сабаблар билан қийин аҳволга тушиб қолган 748 нафар меҳнат мигрантлари Ватанга қайтарилган.
Қайд этиш керак, ушбу йўналишдаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда ва рақамлар эса ошган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари А.Пудов бошчилигидаги қатор давлат ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки давлат ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳаси:
– яқин вақт давомида 10 минг меҳнат мигранти соддалаштирилган тартиб асосида Ўзбекистондан Россияга ишга жалб қилинади.
Номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда.
– Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни эмлаш ва коронавирусга қарши тест топшириш жараёнларини икки давлат мутахассислари томонидан Россия томони тиббий ускуналари ёрдамида биргаликда Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаси бўйича тиббий маълумотларни «COVID-19сиз саёҳат» иловаси тизимига интеграция қилиш.
– Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун патент олишда талаб этиладиган дактилоскопик рўйхатга олиш ва расмга олиш жараёнларини икки давлат Ички ишлар вазирликлари томонидан Россия томони ускуналари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширишга келишиб олинди.
Таъкидлаш жоиз, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида эришилган келишувлар ушбу давлатда ишлаш истагида бўлган кўплаб юртдошларимиз учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига олиб келади.
Албатта, йиллар давомида пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш вақт ва давомий чораларни кўришни талаб этади.
Муҳими, ташқи меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг имконият ва имтиёзлардан фойдаланиши аниқ механизмлар яратилган. Ушбу механизмлардан фойдаланиш эса кўп жиҳатдан фуқароларнинг ўзига боғлиқ.
Юқоридаги каби ўзгаришлар ва давомий ислоҳотлар соҳадаги муаммоларни бартараф этишга, аҳоли бандлигини таъминлашга ва фуқароларимизнинг хорижда хавфсиз, тартибли ва манзилли иш билан таъминлашга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Ташқи меҳнат миграция агентлиги ахборот хизмати