Бугун 29 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Путин Трамп «кўз остига олган» конни қўлга киритди

Путин Трамп «кўз остига олган» конни қўлга киритди

Россия армияси Украинанинг Донецк вилоятидаги Шевченково посёлкасини ўз назоратига олди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Le Figaro газетасининг ёзишича, ушбу посёлкада Украинанинг энг бой литий кони жойлашган.

Украина Миллий фанлар академиясига кўра, 40 гектар ҳудудни эгаллаган конда 90 фоизга қадар литий рудаси захираси мавжуд. Ушбу қимматли маъданни у қадар катта сармоясиз қазиб олиш мумкин. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда тантал, ниобий, бериллий, цезий, рубидий каби қимматли маъданлар захираси сақланади. Дунё миқёсида электроника ва бошқа технологияларни ишлаб чиқариш учун қимматли маъданларга талаб ошиб бораётган бир вақтда Шевченково кони стратегик аҳамиятга эга объект саналади.

Аввалроқ Россия армияси Украинанинг Запорожье вилоятидаги Крутая Балка литий конини ҳам босиб олганди. Шу тариқа ҳозирда Москва Украинанинг тўрт йирик литий конларидан иккитасини назорат қилмоқда. Қолган икки литий кони (Добра ва Полоховское) Кировоград вилоятида жойлашгани ва ушбу объектлардан литийни қазиб олиш катта сармоя талаб этиши айтилади.

1991 йил ҳолатига кўра, Украинанинг умумий литий захираси 500 минг тонна деб баҳоланган. Аммо урушга қадар литий конларида саноат миқёсида қазиб олиш ишлари бошланмаган эди.

Экспертлар стратегик аҳамиятга эга литийнинг аҳамияти тобора ошиб бораётгани ва келажакда айнан ушбу маъдан учун урушлар рўй беришини айтиб келади.

Қайд этиш жоизки, АҚШ президенти Доналд Трамп Украина конларига, хусусан, литий каби муҳим маъданларга қизиқиш билдириб келмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 30 апрель куни Вашингтон ва Киев бир неча ойга чўзилган дипломатик тортишувлардан кейин Украинанинг фойдали қазилмаларини тасарруф этишга доир шартномани имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Вашингтон ва Киев Украинани тиклаш ва сармоялар жалб этиш бўйича қўшма жамғарма тузади. Украина ҳудудидаги барча фойдали қазилмалар Киев ихтиёрида қолади. Жамғарма эса «50/50» тамойили асосида ишлайди, яъни бошқарувда ҳам, фойдада ҳам томонлар тенг овозга эга бўлади.

Оқ уй маъмурияти Украинага фойдали қазилмаларга оид битим имзолаш борасида кучли босим ўтказди. Жумладан, президент Трамп АҚШ Украинага уруш бошланганидан буён 350 миллиард доллар кўмак берганини айтиб, Киев ҳукуматидан фойдали қазилмалари орқали 500 миллиард доллар компенсация қайтаришни талаб қилди.

Президент Зеленский эса АҚШ Украинага 350 миллиард доллар эмас, балки 100 миллиард доллар бергани, уни ҳам қарз эмас, грант сифатида ажратганини билдирди.

«Мен ўн авлод украиналиклар елкасида юк бўладиган битимни имзоламайман», – дея Вашингтон таклиф этган илк ҳужжатга имзо чекишдан бош тортди Зеленский.

Жорий йил 28 февраль куни Вашингтон ва Киев ўртасида фойдали қазилмаларга доир битим имзолаши режалаштирилган Оқ уйдаги учрашув Трамп ва Зеленскийнинг мисли кўрилмаган дипломатик зиддияти билан якунлангани маълум.

Маълумот ўрнида: жорий йил июнь ойида Украина ҳукумати Добра конида хорижий хусусий ширкатлар иш бошлашига рухсат берди. Ушбу конни ўзлаштириш билан боғлиқ лойиҳада Трампнинг яқин дўсти миллиардер Рональд Лаудер асосий сармоядор бўлиши хабар қилинган.

Киритилди: 16:22 28.06.2025. Ўқилди: 1018 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!