Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари хизмат сафари доирасида Сахалин вилоятидаги 1-сонли жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган 11 нафар ватандош билан учрашув ўтказди.
Ташриф давомида дипломатлар маҳбуслар учун яратилган шароитлар билан танишиб, улар билан умумий мулоқот қилди. Суҳбат чоғида маҳбусларнинг ҳолидан хабар олиниб, мажбурий меҳнат, қийноқ ёки босим ҳолатлари мавжуд ёки йўқлиги ҳақида сўралди.
Шунингдек, ўзбекистонлик маҳбусларнинг Россия Мудофаа вазирлиги таркибида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилаётгани ёки йўқлиги ҳам муҳокама қилинди. Ватандошлар бундай ҳолатлар кузатилмаганини билдирган.
Маълум қилинишича, Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари муассасага вақт-вақти билан ташриф буюриб, маҳбусларга ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш эвазига судланганликни бекор қилиш ва юқори маош таклиф қилмоқда.
Шу муносабат билан дипломатлар Ўзбекистон фуқароларини чет эл давлатлари ҳарбий тузилмаларида иштирок этиш қонунчиликка зид экани ҳақида огоҳлантирди. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Ёлланиш” моддаси бўйича жавобгарлик мавжудлиги тушунтирилди.
Учрашув давомида маҳбуслар муассасадаги шароитлардан қониқаётганини, аммо яқинларини соғингани сабабли жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташни хоҳлашини айтди.
Бош консулхона ходимлари эса ҳозирча Россия ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни ўзаро топшириш бўйича икки томонлама шартнома мавжуд эмаслиги сабабли, бундай имконият йўқлигини маълум қилди.