Россиянинг Приморск ўлкаси прокуратураси вояга етмаганлар савдосида гумон қилинган саккиз нафар тиббиёт ходимига қўйилган айбловни тасдиқлади.
Бу ҳақда прокуратуранинг телеграм-каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Приморск ўлкаси прокурори хусусий клиниканинг 8 нафар тиббиёт ходимига қарши айблов хулосасини тасдиқлаган: “Улар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 127.1-моддаси 3-қисми “в” банди (вояга етмаганларни чет элга ноқонуний олиб чиқиб кетиш) бўйича айбланмоқда”.
Гумонланувчилар 13 та янги туғилган чақалоқни сотиш бўйича операцияларни амалга ошириб, натижада 53 миллион рублдан (687 минг АҚШ доллари – Эслатма) кўпроқ пул олди. Жиноятни содир этиш учун шифокорлар бепуштликни даволаш ниқоби остида ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланганлар. Эмбрионларни ўстириб, фарзандлар туғилгандан сўнг уларни чет элга сотишди.