Роскомнадзор текшируви давомида фойдаланувчиларга ҳақиқий фотосурат асосида яланғоч ёки порнографик тасвирлар яратиш имконини берувчи сайт аниқланган.
Сайтда ҳатто фойдаланувчиларни бошқа одамларни сунъий интеллект ёрдамида «ечинтиришга» ундайдиган шиор ҳам қўлланган.
Роскомнадзорнинг таъкидлашича, сайт россияликларнинг шахсий ҳаёти, шахсий ва оилавий сирлари дахлсизлигига оид ҳуқуқларини бузган. Шунингдек, фуқароларнинг шахсий маълумотларини қайта ишлашга розилиги олинганини тасдиқловчи маълумотлар ҳам мавжуд бўлмаган.
Шундан сўнг идора судга мурожаат қилган. Москва суди эса сайтда россияликларнинг фото ва видеоларини жойлаштириш, шунингдек, сунъий интеллект орқали улар иштирокида яратилган материаллардан фойдаланишни қонунга хилоф деб топган.
Аввалроқ Брянскда вояга етмаган таниш қиз иштирокида нейротармоқ орқали яратилган порнографик материалларни тарқатган ўсмирга нисбатан шартли икки йиллик жазо тайинлангани хабар қилинган эди.