“Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан янги чора кўришни таклиф қилди. Унга кўра, 2030 йилгача Россия фуқаролиги ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этилиши керак.
Мироновнинг таъкидлашича, мамлакатга мигрантлар оқимининг ортиши миллий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Россияга кучсиз назорат қилинаётган мигрантлар оқими тобора ошиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида хорижликларга қарийб 114 мингта меҳнат рухсатномаси берилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли ярим баравар кўп. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда мамлакатда 6,5 миллиондан зиёд мигрант яшайди. Улардан бир қисми ишласа-да, катта қисми соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидан фойдаланувчи оилалар аъзоларидир”, — деди Миронов.
Депутат бу ҳолат Россия аҳолиси фаровонлиги ва миллий хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини қайд этди.