2025 йилнинг январ-март ойлари оралиғида Россияда мигрантлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп жиноят содир этган. Мигрантлар орасида террорчилик билан боғлиқ ишлар сони уч баробар ошди, деди Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин.
Бўлим бошлиғининг қўшимча қилишича, мигрантлар томонидан содир этилган оғир жиноятларнинг 65 фоизи гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ. У, шунингдек, 2024 йилда мигрантлар ўртасида жиноятчилик 2023 йилга нисбатан 1 фоизга камайганини қайд этди."Мутлақ рақамларда: 2023 йилда 38936 жиноят, 2024 йилда 38578 жиноят", деди у.
Бундан ташқари, 2024 йилда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси миграция соҳасида ишлаган мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича 918 та жиноий иш қўзғатди. Бу 2023 йилдагидан "сезиларли даражада кўп", деди Бастрикин. 707 та иш бўйича айбланувчилар Ички ишлар вазирлиги ходимларидир.
Аввалроқ Россия судлари 21 мингдан ортиқ хорижликка ҳукм чиқаргани хабар қилинганди. Уларнинг 20 мингдан ортиғи МДҲ мамлакатлари резидентларидир. Кўпинча мигрантлар ўғирлик ва гиёҳванд моддалар савдосида айбдор деб топилди.