АҚШ президенти Дональд Трамп инаугурация кунида агар Владимир Путин Россия-Украина урушини тугатиш бўйича “келишув”га рози бўлмаса, Россия ҳалокат ва “катта муаммолар”га дуч келишидан огоҳлантирди.
“Зеленский келишувга эришмоқчи. Путин уни хоҳлайдими, билмайман. У шартнома тузиши керак. Менимча, у келишувдан воз кечиб, Россияни йўқ қилади. Ўйлайманки, Россияда катта муаммолар бўлади”, — деди АҚШнинг сайланган президенти Овал кабинетда журналистлар билан суҳбатда.
Унинг қўшимча қилишича, можаро уч йилга чўзилгани учун Путин жангларнинг боришидан “ҳурсанд бўлиши” даргумон. Трамп бу муаммони ҳал қилиш учун Путин билан “иложи борича тезроқ” учрашишга интилаётганини таъкидлади.
Трамп, шунингдек, сайловолди кампанияси вақтида президентликка киришганидан бир кун ўтиб урушни тугатиш ҳақидаги ваъдасини эслади.
"Ярим кун бўлди. Менда ҳали ярим кун бор. Кўрайликчи. Биз буни ўз вақтида амалга оширмоқчимиз”, деди у ва агар у илгари президент бўлганида, можаро бошланмаган бўларди, деди.
Бир кун аввал, Трамп инаугурацияси куни Россия президенти можарони ҳал қилиш бўйича “мулоқотга очиқ” эканини таъкидлаган эди.
“Биз, албатта, Россия манфаатлари, рус халқи манфаатлари учун курашамиз. Бу, аслида, махсус ҳарбий операция ўтказишдан мақсад ва маъно”, — деди у.
Financial Times'нинг Кремлга яқин манбалари Трамп билан музокараларда Путин учун асосий масала Россия чегараларида НАТОнинг мавжудлиги бўлишини даъво қилмоқда. Нашрнинг ёзишича, Россия етакчиси Украинанинг алянсга аъзо бўлмаслигини кафолатлайдиган янги келишувларга эришишни кутмоқда, блокнинг ўзи эса Россия чегаралари яқинида ҳарбий иштирокини камайтиради.