Қримда эса аҳолидан бунга сабр қилишни сўрашмоқда
Нашрнинг хабар беришича, Россия ҳукумати бензин экспортига қўйилган тақиқни 2025 йил охиригача узайтирган, шунингдек, ёқилғи ишлаб чиқармайдиган компаниялар учун мамлакатдан дизел олиб чиқишга ҳам чеклов сақланиб қолади.
"Бу бизга ички бозорни қўшимча нефт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беради", — деди Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак.
Аннекция қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов минтақадаги ёқилғи билан боғлиқ вазият юзасидан аҳолига видеомурожаат йўллади. У маҳаллий аҳоли ва сайёҳлардан “сабр қилишни” сўради ва АИ-92 маркали бензин муаммосини икки ҳафта ичида, АИ-95 маркали бензин бўйича эса икки кун ичида ҳал қилишга ваъда берди.
Аксёнов, шунингдек, ёқилғи таъминотидаги узилишлар Россия нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқаришнинг пасайиши билан боғлиқ эканини тан олди.
“Известия” газетасининг ёзишича, бензин таъминотидаги узилишлар 10 та минтақада, жумладан, Москва шаҳри, Москва вилояти, Белгород ва Сахалин вилоятларида, Приморе ва Ставропол ўлкаларида кузатилмоқда.
“Коммерсантъ” нашри маълумотларига кўра, Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари натижасида сўнгги икки ой ичида мамлакатда бензин ишлаб чиқариш тахминан 10 фоизга камайган, 360 та ёқилғи қуйиш шаҳобчаси ёпилган.