Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри полицияси ноқонуний миграцияни ташкил этишда гумон қилинган маҳаллий аҳоли ва бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург шаҳри бўйича бош тергов бошқармаси маълум қилди.
Қайд қилинишича, жиноий гуруҳ тузган гумонланувчи 21 мингдан ортиқ мигрантни сохта манзилда рўйхатга олган.
«Тергов шуни аниқладики, гумондор ўз шериклари билан биргаликда жиноий режа тузиб, пул мукофоти эвазига чет эл фуқароларини сохта манзил бўйича рўйхатдан ўтказган ва патент расмийлаштирган. Шунингдек, улар фаолият юритмаётган корхонани топиб, унинг маълумотларини мигрантларнинг келиши тўғрисидаги билдиришнома бланкасида кўрсатган», дейилади бошқарма хабарида.
Таъкидланишича, гумондорлар Санкт-Петербург ҳудудига келган чет эл фуқароларини топиб, уларни қабул қилувчи томон сифатида корхона маълумотларини кўрсатган ҳолда миграция учун сохта рўйхатдан ўтказган, шунингдек, патент берган. Улар кўрсатилган ноқонуний хизматлар учун пул мукофоти олган.
Октябр ойида Россияда ноқонуний миграцияни ташкил қилганлик учун жазо кучайтирилган эди. Бу 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 3 миллиондан 5 миллион рублгача жарима билан жазоланиши мумкин бўлган ўта оғир жиноят сифатида таснифланган.
Яшаш жойи бўйича сохта прописка қилиш ва чет эл фуқаросини сохта рўйхатга олиш учун ҳам жазо 5 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.