Қўшма Штатлар ва Россия ёки Хитой ўртасида уруш ҳар қандай вақтда юз бериши мумкин, деди АҚШ ҳаво кучлари вазири Френк Кендалл.
Расмийнинг огоҳлантириши ядро қуролига эга тўққизта давлатдан иккитаси Россия ва Хитой бир-бирига тобора яқинлашиб бораётган бир пайтда янграмоқда. Оқ уй ўта хавфли Россияни тўхтатиб, Хитой устидан барқарор рақобат устунлигини сақлаб қолишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Шунингдек, Кендалл АҚШ Ҳарбий-ҳаво академияси курсантлари олдидаги нутқида, Ҳарбий ҳаво кучлари департаменти раҳбари сифатидаги энг муҳим вазифа «биз иштирок этишимиз эҳтимоли бўлган кейинги урушга тайёргарлик кўриш зарурлиги тўғрисида кечиктириб бўлмайдиган туйғуни сингдириш» эканлигини таъкидлади.
Унинг қўшимча қилишича, Хитойнинг Тинч океанининг ғарбий қисмида, жумладан, Тайван ва Жанубий Хитой денгизида АҚШ қўшинларини енгиш учун мўлжалланган қуроллари бор.
Кендалл, шунингдек, Россия қўшни давлатларга қарши куч ишлатишга тайёрлигини намойиш этган бўлсада, ядро қуролидан фойдаланиш имкониятини жиддий кўриб чиққанини таъкидлади. Хусусан, Украинада.