Россия Президенти Владимир Путин ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич телефон орқали мулоқотда турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Бу ҳақда 20-октабр, якшанба куни Кремль матбуот хизмати хабар берди.
«Раҳбарлар Белграднинг фашист босқинчиларидан озод қилинганининг 80 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклади. 1944 йилнинг шу куни Югославия Халқ Озодлик Армияси бўлинмалари иштирок этган Совет Армиясининг Белград ҳужум операцияси якунланди. Бу Болқондаги Иккинчи жаҳон урушининг якуний босқичидаги муҳим воқеалардан бирига айланди», — дейилади хабарда.
Томонлар маънавий, маданий ва тарихий ҳамжиҳатликка, ўтмиш ва бугунга баҳолар бирлигига асосланган икки томонлама муносабатлар даражасидан мамнун эканликларини билдирдилар, дея таъкидлади Кремль.