Қримнинг «Севастополь» клуби Россия Иккинчи лигаси «Б» гуруҳида ғолиб бўлганидан сўнг, Иккинчи лиганинг «А» дивизионида иштирок этиш учун лицензия олиш ҳужжатларини топширди.
Агар Қрим клубига юқорироқ дивизионда иштирок этишга рухсат берилса, бу УЕФА қоидаларининг бузилишига олиб келиши мумкин. Чунки УЕФА Қрим клубларининг Россия футбол иттифоқи (РФИ) ҳомийлигидаги мусобақаларда иштирок этишини тақиқлаган.
«Албатта, биз ҳужжатларни топширишни режалаштиряпмиз. Регламентга кўра, кейинги босқичга кўтарилишимиз керак», — деди «Севастополь» бош директори Валерий Чалий.
Қайд этилишича, РФИ ҳозирча УЕФА ва ФИФА аъзоси бўлиб қолмоқда. Бироқ «Севастополь»нинг юқори дивизионга кўтарилишига тўсқинлик қилинмаса, Европа ва жаҳон футболи мутасаддилари орасида Россия ташкилотини ушбу халқаро федерациялардан чиқариб юбориш ҳақидаги чақириқлар яна кучайиши мумкин.
Агар «Севастополь»нинг юқори дивизионга кўтарилиши рад этилса, «Кумуш» дивизионига йўлланма олиш учун кейинги номзод сифатида иккинчи ўринни эгаллаган Донецкнинг «Шахтёр» клуби кўрилади.
Мазкур вазиятга оид аввалги воқеалар:
- 2023 йилда «Севастополь» ва Ялтанинг «Рубин» клублари Иккинчи лиганинг «Б» дивизионига қабул қилинган. Ҳолбуки, 2014 йилдан буён Қрим клубларига Россия мусобақаларида иштирок этишга рухсат берилмаган.
- Ўшанда Украина футбол ассоциацияси УЕФА ва ФИФАдан Россияни ташкилотлар аъзолигидан чиқариш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
- 2024 йил апрель ойида Луганскнинг «Заря» клуби Иккинчи лигага қабул қилинган бўлса, жорий йилда унга Донецкнинг «Шахтёр» жамоаси ҳам қўшилган.
- «Б» лигаси 1-гуруҳида мавсумни якунлаган 15 та жамоадан бештаси «янги ҳудудлар» вакили бўлган ёки шундай мақомни даъво қилган.
- 2025 йил октябрь ойида Украина футбол ассоциацияси УЕФАдан Донецк ва Луганск клубларининг ҳуқуқий мақомига ойдинлик киритишни сўраган. Ассоциация бу ҳолатни «оккупацияни қонунийлаштириш ва Украина футболи ўзига хослигини йўқ қилишга қаратилган мувофиқлаштирилган сиёсий уриниш» деб баҳолаган.