France24 телеканали 4 апрелда Россия ракета зарбаси йўллаган Кривой Рогдаги ресторанда ўрнатилган кузатув камераси тасвирларини эълон қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги ракета зарбаси ресторанда “ҳарбий қўмондонлар ва Ғарб инструкторлари” йиғилиши ўтказилаётган пайтда берилганини маълум қилган эди. Бироқ “Система” нашрининг аниқлашича, ўша куни ресторанда “гўзаллик индустрияси” ходимлари иштирокида форум ўтказилаётган бўлган.
France24 кўрсатган кадрларда ҳарбийлар кўринмайди. Телеканал мухбири зарба вақтида ресторанда бўлган ва жароҳат олиб шифохонага ётқизилган икки аёл билан суҳбатлашди. Улар “гўзаллик форуми”да қатнашганини тасдиқлади.
4 апрел куни Кривой Рогга уюштирилган ҳужум оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, уларнинг деярли ярми болалар эди. Бундан ташқари бир неча ўнлаб одамлар жароҳатланди.