Bloomberg хабар беришича, Россиянинг Urals маркали нефти нархи бир баррель учун 52,76 долларгача пасайди.
У охирги марта 2023 йил июнь ойида 50 доллардан пастга тушган эди.
Март ойида Россия Молия вазирлиги 2025 йилда Уралснинг ўртача нархи бюджетда режалаштирилган 70 доллар ўрнига бир баррель учун 60 долларга яқин бўлишини кутаётганини маълум қилганди. Вазирлик башоратига кўра, бундай вазиятда бюджет тақчиллиги ошади, аммо ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизидан ошмайди. Шундай қилиб, нефть нархи аллақачон кутилганидан 7,24 долларга арзонлашди.
Urals нархи жаҳон котировкалари изидан пасаймоқда. 7 апрель куни савдоларда Brent нефти деярли тўрт йил ичида биринчи марта бир баррель учун 63 доллардан пастга тушди.
РБК хабар қилишича, нефть нархи ўтган ҳафтадан бери АҚШнинг савдо божлари ва Хитойнинг жавоб чоралари жорий этилиши, шунингдек, ОПЕК+нинг кутилмаганда қазиб олиш ҳажмини илгари тахмин қилинганидан кўпроқ ошириш тўғрисидаги қарори туфайли пасаймоқда.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 7 апрель куни Кремлнинг жаҳон иқтисодиётидаги вазиятни нефть нархларининг пасайиши муносабати билан диққат билан кузатаётганини маълум қилди. У бу кўрсаткич "биз учун жуда муҳим, бюджетимизни тўлдириш учун ғоят аҳамиятли" эканлигини таъкидлади. Песков вазиятни "ниҳоятда беқарор, кескин ва ҳиссий жиҳатдан ҳаддан ташқари зўриққан" дея баҳолади.