АҚШ Россияга тинчлик масаласини ҳал қилиш учун "ҳафталар" муҳлат берди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон яқин ҳафталар ичида - ойлар эмас - Россиянинг Украинадаги урушни тўхтатишга тайёрлигини аниқлаб олишини маълум қилди.
"Президентнинг мақсади қуйидагича. У урушни тугатмоқчи ва буни ўз маъмурияти даврида иложи борича тезроқ амалга оширмоқчи. Агар иккала томон ҳам рози бўлса, бу урушни ҳар икки томон учун ҳам мақбул шартлар асосида якунлаш мумкин. Ҳозирда биз ана шу шартларни излаш жараёнидамиз ва тез орада - ойлар эмас, ҳафталар ичида - Россиянинг тинчликка тайёрлигини билиб оламиз," - деди у.
Рубионинг айтишича, Украина аллақачон ўт очишни тўхтатиш ва музокараларга тайёрлигини кўрсатган. Энди қарор Россия ва унинг раҳбарияти қўлида. У, шунингдек, Украинада ўт очишни тўхтатиш режими бир неча бор бузилганини ҳам қўшимча қилди.
Давлат котиби, бундан ташқари, АҚШ "тинчликни ривожлантириш" устида ишлаётганини маълум қилди. У огоҳлантирдики, агар Россия тинчлик жараёнини чўзадиган бўлса, АҚШ президенти Доналд Трамп Москва билан музокаралар олиб боришни тўхтатади.
"У (Трамп - таҳр.) урушни тугатишни ва буни ўз маъмурияти даврининг дастлабки босқичида амалга оширишни хоҳлайди. Агар тинчлик имконияти бўлса, биз буни билиб оламиз. Агар ҳеч ким тинчликдан манфаатдор бўлмаса, буни ҳам биламиз ва шунга қараб қарор қабул қиламиз. Баъзи яхши ва ёмон белгилар бор, ҳеч ким осон бўлишини айтмаган," - деди Рубио.