Россия Калининград қамал қилинса, NATO давлатларига ядровий зарба бериш билан таҳдид қилди.
Агар NATO мамлакатлари Калининград вилоятини Россиянинг қолган қисмидан яккалаб қўйишга уринса, Москва ўзининг бутун арсеналини, жумладан, ядровий қуролни ҳам қўллашга тайёр бўлади, дейилади Россиянинг Ирландиядаги элчихонаси баёнотида. Аввалроқ Россиянинг Белгиядаги элчихонаси ҳам шундай мазмундаги баёнотни эълон қилган эди.
Москва бир ёки бир нечта Европа мамлакатларига ҳарбий бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ва гибрид ҳужумларни кучайтираётгани ҳақидаги даъволарни рад этмоқда. Шу билан бирга, россиялик расмийларнинг таъкидлашича, Ғарб томонидан Россиянинг миллий хавфсизлигига "жиддий ва реал таҳдид" юзага келмоқда.
Хусусан, Калининград вилоятига нисбатан "таҳдид" ҳақида гап кетганда, Россиянинг Ирландиядаги элчихонаси 2026 йил июн ойида бўлиб ўтган "Gallant Boar 2026" Литва-Полша-Франция қўшма ҳарбий машғулотларини тилга олган. Литва Қуролли Кучларининг маълумотларига кўра, ушбу манёврлардан мақсад Сувалки йўлагини тез ва самарали ҳимоя қилиш кўникмаларини машқ қилиш бўлган. Россиянинг фикрига кўра эса, машғулотлар "Россиянинг эксклав ҳудуди ҳисобланувчи Калининград вилоятига қарши қаратилган" эди.