Бугун 30 сентябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

В азир Эъзоза Каримова Намангандаги фожиа ҳақида: “Жараёнларни шахсий назоратимга олганман”

В азир Эъзоза Каримова Намангандаги фожиа ҳақида: “Жараёнларни шахсий назоратимга олганман”

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида 5 ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолати юзасидан муносабат билдирди. У воқеа билан боғлиқ барча жараёнларни шахсий назоратига олганини маълум қилди.

Эъзоза Каримовага кўра, мазкур ҳолат уни нафақат вазир, балки она сифатида ҳам қаттиқ ларзага солган. Вазир бола хавфсизлиги учун масъул бўлган шахсларнинг ўз вазифасига лоқайд муносабатини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлади.

"Боланинг хавфсизлиги учун жавобгар бўлган инсонларнинг ўз вазифасига лоқайд муносабатда бўлишини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди", — деди вазир.

Каримованинг маълум қилишича, у воқеа ҳақида хабар топган вақтда Андижон вилоятида бўлган. Шу куни Тошкентга қайтиш ўрнига Наманганга бориб, ҳолатни жойида ўрганган.

"Ҳолатнинг тафсилотлари, масъуллар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чоралар билан танишдим", — деди у.

Вазир мазкур воқеа ҳақида нега аввалроқ жамоатчиликка маълум қилинмаганига ҳам изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, ҳолат юзасидан тергов олиб борилаётгани сабабли суриштирув жараёнига халақит бермаслик, шунингдек, қизалоқнинг манфаатлари ва шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида воқеа тафсилотлари ошкор этилмаган.

Шу билан бирга, ваколатли органларнинг хулосалари кутилаётган даврда ҳам вазирлик ўз ваколати доирасида ҳолатни ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш ишларини давом эттирган.

Вазирлик маълумотига кўра, воқеага алоқадорликда гумон қилинаётган барча ходимлар ишдан олинган. Ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифаларини қай даражада бажарганини аниқлаш ҳамда уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилган.

"Ушбу жараёнларни шахсий назоратимга олганман", — деди Эъзоза Каримова.

Унинг қайд этишича, ўрганиш жараёнида ким ўз вазифасини бажармагани, ким бепарволикка йўл қўйгани ва ким ушбу ҳолатга кўз юмганига аниқлик киритилади.

Болалар хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳар бир ходим ва раҳбарнинг фаолияти шу мезон асосида баҳоланиши айтилди. Лавозими ёки хизмат тажрибасидан қатъи назар, вазирлик ваколати доирасида тегишли чоралар кўрилади. Айбдор деб топилган шахслар эса қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

"Айни кунларда махсус ишчи гуруҳ мамлакатимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг — раҳбарлардан тортиб техник ходимларгача — фаолиятини ўрганмоқда", — деб ёзди вазир.

Шунингдек, ўрганиш давомида аниқланган ҳар бир камчиликнинг сабаблари ва унга йўл қўйган масъулларнинг жавобгарлиги ҳам кўриб чиқилади. Вазирликка кўра, кўриладиган чоралар болалар учун хавфсиз муҳит яратиш ҳамда бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймасликка қаратилган бўлиши керак.

Эъзоза Каримова тизимдаги барча раҳбар ва ходимларга мурожаат қилиб, уларга ишониб топширилган ҳар бир боланинг хавфсизлиги кундалик фаолиятдаги энг асосий талаб бўлиши шартлигини таъкидлади.

"Фарзандларимиз тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмайди. Ота-оналарнинг ишончини оқлаш учун ҳар бир боғчада бола ҳимояланганини, унга меҳр ва эътибор кўрсатилаётганини амалда таъминлашимиз зарур", — деди вазир.

Киритилди: Бугун 01:00. Ўқилди: 228 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!