Flaydubai авиакомпанияси рейси экипажи дастлаб фавқулодда вазиятни англатувчи 7700 кодини юборган. Бироз вақт ўтгач, экипаж 7500 кодини, яъни самолётга ноқонуний аралашув ёки уни олиб қочишга уриниш ҳолатини билдирувчи сигнални узатган. Шундан сўнг Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилиб, йўловчи самолёти томон йўналтирилган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Исраэл Кац фавқулодда маслаҳатлашув ўтказган.
Самолёт бортида 180 га яқин йўловчи бўлган, уларнинг 100 нафари Исроил фуқаролари эди. Орадан бироз вақт ўтиб, самолёт йўналишини ўзгартириб, Саудия Арабистони томон парвоз қилган. Самолёт билан алоқа узилган пайтда у Табук аэропорти яқинида кузатилган. Кўп ўтмай, самолёт аэропортга хавфсиз қўнган.
Исроил хавфсизлик хизматидаги манбаларга кўра, фавқулодда ҳолат сигналининг узатилиши самолёт учувчилари ўртасидаги жанжал билан боғлиқ. Аммо бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Исроил Мудофаа кучларининг юқори мартабали қўмондонлари ҳозирда вазиятни баҳоламоқда.
Исроилнинг 12-канали хабар беришича, ушбу самолёт учувчиларининг бири россиялик, бири украиналик бўлган. Бошқа манбаларда таъкидланишича, учувчилардан бири ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Ушбу версияга кўра, учувчи самолётни 30 минг фут баландликдан кескин пасайишга йўналтирган, иккинчи учувчи эса у билан курашган ва авиаҳалокатнинг олдини олишга муваффақ бўлган.