Украина қўшинлари яқинда артиллерия ва дронлар ёрдамида Улаклы шаҳри ва унинг атрофида Россия қўшинларининг ҳужумини тор-мор этиб, 10 га яқин рус ҳарбий техникасини йўқ қилди. Forbes таҳлилчиси Девид Акснинг ёзишича, россияликларнинг Донетск вилояти жанубидаги бу муваффақиятсиз ҳужуми сўнгги кунлардаги бир нечта шундай ҳужумлардан бири бўлиб, бу ҳудуддаги Россия ҳужуми барбод бўлганидан дарак бериши ва чуқур сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Таҳлилчининг таъкидлашича, икки ҳафта олдин россияликлар ташаббусни ўз қўлларида ушлаб турган эди. Улар Украина Қуролли Кучларини Великая Новоселкадан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишди ва Запорижжя вилояти чегарасига ёриб ўтишга тайёр эдилар. Бироқ, энди Россиянинг бу ерда муваффақият қозониши эҳтимолдан узоқ кўринмоқда.
Акс таъкидлайди, россияликлар жиддий аскар ва техника етишмовчилигини бошдан кечирмоқда, бу эса уларни ҳужумларида устуворликларни белгилашга мажбур қилмоқда.
"Душманнинг Запорижжя ёки Днепропетровск вилоятларига ёриб кириш имконияти йўқ, чунки унда зарур қўшин, восита ва ресурслар мавжуд эмас," - деб таъкидламоқда Мудофаа стратегиялари маркази.
Натижада, Жанубий Украина фронтини парчалаш ва Запорижжя томон илгарилаб бориш режаси амалга ошмайдиган, деб хулоса қилмоқда таҳлилий гуруҳ.
Шу билан бирга, Россиянинг Украина жануби-шарқидаги ҳужуми сусайиши Кремль учун хавфли пайтга тўғри келмоқда, деб кўрсатмоқда Акс. Музокаралар олдидан Россия Украинадаги урушни тўхтатиш эвазига катта ҳудудий ён беришларни талаб қилиш учун энг кучли мавқеда бўлиши керак эди.
Бироқ, Россия Украинадаги жанг майдонида ғалаба қозонолмаяпти, деб таъкидламоқда у. Россия қўшинлари муваффақият қозонган жойларда ҳам, илгарилаб бориш одатда бир неча метр билан ўлчанади.
"Россия ҳарбий кучлари объектив равишда мағлубиятга учради, - дейди таҳлилчи Эндрю Перпетуа. - Уларнинг бундай даражадаги мағлубиятдан ўзларини қачондир ўнглаб олишлари учун кучлари қолмаган."