Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москва вилоятида Россия Қуролли кучлари Бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари генерал-лейтенант Ярослав Москаликнинг ўлимига алоқадор “Украина махсус хизматлари агенти” қўлга олинганини эълон қилди.
Баёнотда қайд этилишича, ҳибсга олинган шахснинг исми Игнат Кузин бўлиб, у 1983 йилда туғилган ва Украинада яшаш гувоҳномасига эга.
Тергов версиясига кўра, у дастлаб қўлбола портловчи қурилмани сотиб олган ва кейинчалик генерал Москалик яшайдиган Балашихадаги уй ёнида турган Volkswagen Golf русумли автомобил остига ўрнатган.
Хабар берилишича, Кузин портловчи моддалар учун компонентларни Москва вилоятидаги Украина махсус хизматлари вакилларидан олган.
Қўлга олинган шахс Россия Тергов қўмитасига сўроқ қилиш учун олиб келинган. У теракт (ЖК 205-моддаси 2-қисми) ва портловчи моддани ноқонуний сақлаш (ЖК 222.1-моддаси 1-қисми) бўйича жиноят ишида гумонланувчи сифатида кўрилмоқда.