Бугун 7 август, 2026 йил, жума

O'ZB

Россия Евро-2 стандартидаги бензиндан яна фойдаланишга рухсат берди

Россия Евро-2 стандартидаги бензиндан яна фойдаланишга рухсат берди

Мамлакатда 2027 йил 1 июлгача Евро-2, Евро-3 ва Евро-4 стандартларига мос бензинни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотишга рухсат берилди. Ҳукумат бу қарорни ички бозорда ёқилғи танқислиги хавфи билан изоҳлади.

Россия ҳукумати 2027 йил 1 июлга қадар К2, К3 ва К4 экологик синфларига мансуб, яъни Евро-2, Евро-3 ва Евро-4 стандартларига жавоб берувчи автомобиль бензинини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ҳамда сотишга рухсат берди. Евро-2 стандартидаги бензин мамлакатда ўн йилдан ортиқ вақт аввал тақиқланган эди.

Россия Энергетика вазирлиги ушбу қарорни ёқилғи танқислигининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик инқирозга қарши чора сифатида изоҳлади. Вазирликка кўра, бу ички бозорни барқарор таъминлаш ҳамда бензин сифатига қўйиладиган талаблар билан унинг оммабоплиги ўртасидаги мувозанатни сақлаш имконини беради.

❕ Амалдаги Евро-5 стандарти билан солиштирганда, Евро-2 бензини таркибида олтингугурт миқдори 50 баробар кўп бўлиб, дунёнинг аксарият мамлакатларида юқори заҳарлилиги сабаб тақиқланган компонентлардан фойдаланишга йўл қўйилади. Мутахассислар бундай ёқилғи замонавий автомобиллар двигателлари ҳамда чиқинди газларни тозалаш тизимларининг тезроқ эскиришига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Июль ойи бошида Россия ҳукумати айрим нефтьни қайта ишлаш заводларига Евро-3 стандартидаги бензин ишлаб чиқаришга ҳам вақтинча рухсат берган эди. ОАВ маълумотларига кўра, Украина дронларининг нефтьни қайта ишлаш инфратузилмасига берган зарбалари ортидан Россиядаги қатор заводлар фаолияти тўхтаган ёки қисман қувват билан ишламоқда, бу эса ички ёқилғи бозорига босимни кучайтирган.

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги уч ой ичида Украина ҳарбийлари Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига қарийб 50 марта ҳужум уюштирган ва камида 34 та йирик заводдан 24 тасига зарар етказган. Шу шароитда июнь ойида Россияда нефтьни қайта ишлаш ҳажми сўнгги 21 йилдаги энг паст даражага тушди, бензин ва дизель ёқилғиси тақчил маҳсулотга айланди, нархлар эса ўсишда давом этди.

Киритилди: 20:46 06.08.2026. Ўқилди: 706 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!